Беш ойлик солиқ аудитларида 5,5 трлн сўмлик қоидабузарлик аниқланди

Солиқ қўмитаси 2026 йилнинг январ–май ойларида ўтказилган аудитлар натижаларини маълум қилди. Текширувлар солиқ хавфи юқори деб баҳоланган 1 780 та субъектни қамраб олган. Бу мамлакатдаги жами солиқ тўловчиларнинг 0,3 фоизини ташкил қилади.
Audiтлар давомида 5,5 трлн сўмлик қоидабузарликлар аниқланган. Шунингдек, 843 та солиқ тўловчида жами 9,4 трлн сўмлик яширилган солиқ базаси қайд этилган.
Текширув якунларига кўра, қўшимча ҳисобланган ва бюджетга ундирилиши лозим бўлган маблағ 2,9 трлн сўмни ташкил этган. Ҳозирга қадар ушбу сумманинг 282 млрд сўми бюджетга келиб тушган.
Қоидабузарликлар ҳажми бўйича савдо ва умумий овқатланиш соҳаси биринчи ўринда турибди. Ушбу йўналишда 2,4 трлн сўмлик ҳолатлар аниқланган. Бу барча қоидабузарликларнинг 44,3 фоизига тенг.
Қурилиш соҳасидаги қоидабузарликлар миқдори 1,2 трлн сўмни ёки умумий кўрсаткичнинг 22,2 фоизини ташкил қилган. Хизмат кўрсатиш соҳасида эса 461,7 млрд сўмлик қоидабузарликлар қайд этилган.
Инвентаризация жараёнида 276 та субъектда 3,3 трлн сўмлик товарлар амалда мавжуд эмаслиги аниқланган. Яна 249 та субъектда ҳисобга киритилмаган 3,2 трлн сўмлик маҳсулот борлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, 318 та корхона 2,8 трлн сўмлик товарлар сотувини ҳисоботларда акс эттирмаган. Солиқ қўмитаси аудитлар даромадларни яшириш ҳолатларига чек қўйиш ва солиқ хавфи юқори бўлган соҳаларда интизомни оширишга қаратилганини билдирди.



























Изоҳлар 0
…