Олимпиада чемпиони маст ҳолда ЙТҲ қилиб қамоққа олинди

Қозоғистонлик Олимпиада чемпиони ва машҳур боксчи Данияр Елеусинов йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани ва маст ҳолатда автомобил бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд қарорига кўра, спортчи 20 суткага қамалди ҳамда узоқ муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Ҳодиса Остона шаҳрида содир бўлган. Маълум қилинишича, Toyota Land Cruiser автомобили иштирокида икки марта йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Шундан сўнг ҳайдовчи воқеа жойини тарк этган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб борган тезкор қидирув ишлари натижасида автомобилнинг жойлашуви аниқланиб, қоидабузар Дўстлик кўчасида ушланган. Бахтга қарши, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Дастлаб полиция ушланган шахснинг шахсини расман ошкор қилмаган эди. Шу билан бирга, қонун барча учун тенг экани, машҳурлик ёки спортдаги ютуқлар ҳеч кимни жавобгарликдан озод этмаслиги алоҳида таъкидланган.
Кейинчалик судда автомобилни айнан Олимпиада чемпиони Данияр Елеусинов бошқаргани тасдиқланди. Унга маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариб ЙТҲ содир этиш ҳамда воқеа жойидан қочиб кетиш моддалари бўйича иш қўзғатилди.
Суд жараёнида спортчи айбини тўлиқ тан олди ва қилган ишидан афсусда эканини билдирди. Суд унинг аввал маъмурий жавобгарликка тортилмаганини инобатга олган ҳолда қарор чиқарди.
Якуний ҳукмга кўра, Данияр Елеусинов 20 суткага маъмурий қамоқ жазосини ўтайди. Шунингдек, у 7 йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди. Суд қарори қонуний кучга кирган.






























Изоҳлар 0
…