Роботлар Марснинг илк "аҳолиси" бўлиши мумкин

Илон Маск инсониятни Ердан ташқаридаги сайёраларда яшашга тайёрлаш бўйича улкан режаларини янада тезлаштирмоқда. Миллиардернинг маълум қилишича, 2026 йил охиригача Ердан биринчи юк ракета парвозлари амалга оширилиб, Ой ва Марсга келажакдаги мустамлакаларни барпо этиш учун зарур ускуналар ҳамда материаллар етказиб берилади. Энг қизиқ жиҳати шундаки, янги сайёраларга биринчи бўлиб одамлар эмас, балки Tesla’нинг Optimus гуманоид роботлари қадам қўяди.
Маскнинг сўнгги режасига кўра, SpaceX компанияси асосий эътиборни аввал Ойда доимий шаҳар барпо этишга қаратган. Унинг фикрича, Ой Марсга нисбатан анча яқин бўлгани учун бу ерда инсоният учун зарур технологиялар ва инфратузилмаларни синовдан ўтказиш осонроқ кечади. Маск кейинги ўн йил ичида Ойда доимий база ташкил этишни, шу билан бирга етти йил давомида Марсга ҳам қурилиш материаллари ва жиҳозларини мунтазам жўнатишни режалаштирмоқда.
Бу ҳафта SpaceX АҚШнинг Федерал алоқа комиссиясига (FCC) яна бир муҳим лойиҳани тақдим қилди. Компания космосга 100 мингта сунъий йўлдошдан иборат улкан тармоқни чиқаришни режалаштирмоқда. Ушбу тизим Ер билан космос ўртасидаги алоқани кучайтириш, миллиардлаб сунъий интеллект қурилмалари ва келажакда Ой ҳамда Марсда ишлайдиган роботлар учун юқори ҳисоблаш қувватини таъминлашга хизмат қилиши айтилмоқда.

SpaceX асосчилар жамоаси аъзоси Жим Кантреллнинг таъкидлашича, келажакда ҳар бир робот алоҳида кучли компьютерга эга бўлмайди. Асосий ҳисоблаш жараёнлари айнан сунъий йўлдошлар тармоғи орқали амалга оширилади. Унинг сўзларига кўра, инсонлар келиб яшашидан аввал барча инфратузилмани роботлар қуриб тайёрлайди.
Бу режалар амалга ошириш босқичига ҳам ўта бошлади. SpaceX яқинда Falcon 9 ракета ташувчиси орқали паст Ер орбитасига навбатдаги 29 та Starlink сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди. Бироқ Марсга оғир қурилиш техникаси ва катта юкларни етказиш учун Starship’дан ҳам қудратли янги транспорт ракета тизими ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, инсонларни бошқа сайёрага кўчиришдан аввал энг катта муаммолардан бири миллионлаб тонна юкни космосга олиб чиқиш ҳисобланади. NASAнинг собиқ бош технологик раҳбарларидан бири Лес Жонсоннинг таъкидлашича, арзон ва ишончли қайта фойдаланиладиган транспорт тизимини яратиш бу режанинг асосий шартларидан бири саналади.
Маскнинг стратегиясига кўра, Марсга одамлардан олдин Tesla Optimus роботлари жўнатилади. Улар юкларни тушириш, қуёш панелларини ўрнатиш, яшаш модулларини йиғиш, сув қазиб чиқариш, кислород ишлаб чиқариш ва бошқа муҳандислик ишларини бажаради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, роботларни таъминлаш инсонларга қараганда анча осон. Уларга озиқ-овқат ёки ҳаво керак эмас, электр энергияси ва техник хизматнинг ўзи кифоя қилади.

Олимлар Марсда яшаш учун электр энергияси, сув, кислород, ёқилғи ва яшаш муҳитини тайёрлаш лозимлигини таъкидламоқда. Қувват манбаи сифатида ядровий реакторлар ёки қуёш панелларидан фойдаланиш мумкин. Сув эса Марс юзаси остида муз ҳолатида бўлиши мумкинлиги сабабли роботлар уни қазиб чиқаришига тўғри келади. Шунингдек, Марс атмосферасидан ракета ёқилғиси ишлаб чиқариш ва электролиз орқали кислород олиш технологиялари ҳам қўлланилиши режалаштирилган.
Маскнинг энг катта мақсади — 2045–2055 йиллар оралиғида Марсда ташқи ёрдамсиз яшай оладиган биринчи мустақил шаҳарларни ташкил этишдир. Олимларнинг фикрича, дастлабки мустамлакачилар учун Марсдаги ҳаёт бир вақтнинг ўзида ҳаяжонли, зерикарли ва хавфли бўлади. Чунки улар асосан ёпиқ иншоотларда яшашга мажбур бўлади, ташқи муҳит эса инсон ҳаёти учун ўта хавфлилигича қолади. Шунга қарамай, SpaceX ва Илон Маск инсоният тарихидаги энг улкан космик лойиҳалардан бирини амалга оширишга қатъий бел боғлаган.






























Изоҳлар 0
…