Ғаввос нега денгиз юлдузига укол қилмоқда?

Денгиз тубида ғаввоснинг денгиз юлдузига укол қилаётгани акс этган видеоларни кўрган кўпчилик уни даволаяпти, деб ўйлайди. Аслида эса вазият бутунлай бошқача.
Одатдаги денгиз юлдузлари денгиз экотизимида муҳим ўрин тутади. Улар моллюскалар, денгиз типратиканлари ва айрим майда денгиз жонзотлари билан озиқланиб, уларнинг сонини табиий мувозанатда ушлаб туради. Қизиғи шундаки, денгиз юлдузларида на мия ва на қон бўлади. Уларнинг танасида денгиз суви айланиб юради, ҳаракат ва бошқа ҳаётий жараёнларни эса нерв тугунлари бошқаради.
Мутахассислар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади: агар денгиз юлдузига дуч келсангиз, уни қўлингиз билан ушламаслик тавсия этилади. Сувдан чиқарилганда у нафас олиш имконидан маҳрум бўлиб, қисқа вақт ичида зарарланиши мумкин.
Бироқ видеодаги жонивор оддий денгиз юлдузи эмас. У “Тиканли тож” (Crown-of-thorns starfish) деб аталадиган, заҳарли тиканларга эга йиртқич тур ҳисобланади. Ушбу денгиз юлдузи маржон рифлари билан озиқланади. Агар унинг сони кескин кўпайиб кетса, қисқа вақт ичида катта маржон рифларига жиддий зарар етказиши мумкин.
Шу сабабли ғаввослар уларни назорат қилиш учун махсус усулдан фойдаланади. Улар айнан шу турдаги денгиз юлдузига сирка эритмасини укол қилади.

Бунинг сабаби оддий: сирка “Тиканли тож” денгиз юлдузини тезда нобуд қилади, бироқ атрофдаги маржон рифлари ва бошқа денгиз жонзотларига деярли зарар етказмайди. Бундан ташқари, бу усул арзон, экологик жиҳатдан нисбатан хавфсиз ва амалиётда самарали деб ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…