Жарима майдончасидан автомобилни олиш тартиби кескин ўзгаради

Жарима майдончасидан автомобилни олиш тартиби кескин ўзгаради

Ўзбекистонда жарима майдончасига олиб кетилган транспорт воситаларини қайтариш тартиби янгиланмоқда. Энди автомобилни чиқариш учун рухсатнома фақат QR код орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.

Ҳукуматнинг 6 июль куни кучга кирган 358-сонли қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб жарима майдончасидан транспорт воситасини олиб чиқишга рухсат бериш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади. Янги тартибга кўра, рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи ҳамда ижро органи томонидан “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали QR код билан тасдиқланиб, электрон кўринишда юборилади.

Қарор доирасида Ички ишлар вазирлиги Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда мазкур ахборот тизимини давлат ахборот платформалари билан интеграция қилади. Бу орқали жарима майдончаларида сақланаётган автомобиллар, улар учун ундирилган тўловлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда солиқ тизимига узатилади.

Янги қоидаларга мувофиқ, ушланган транспорт воситалари ҳисобини электрон тизим орқали юритмаган ёки кўрсатилган хизматлар ҳақида маълумотларни киритмаган юридик шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима қўлланади. Бундай қоидабузарлик бир йил ичида такрорланса, жарима майдончасини бошқариш бўйича тузилган шартнома бекор қилиниши мумкин.

Шунингдек, транспорт воситасини ушлаб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилмасдан туриб уни чиқариб юбориш ёки ундан ноқонуний фойдаланиш ҳам қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Қарорда яна бир муҳим янгилик ҳам назарда тутилган. Солиқ қўмитаси ва Марказий банк бозорлар ҳамда автотураргоҳларда тўловларни ягона QR код орқали амалга ошириш имкониятини жорий этади.

Мутахассислар фикрича, мазкур ўзгаришлар инсон омилини камайтириш, ҳужжат айланмасини соддалаштириш ва жарима майдончалари фаолиятида шаффофликни янада оширишга хизмат қилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар