OnePlus 8000 мАс сиғимли аккумуляторга эга ҳамёнбоп Н6 смартфонини тақдим этади

OnePlus 8000 мАс сиғимли аккумуляторга эга ҳамёнбоп Н6 смартфонини тақдим этади

Смартфонлар бозорида узоқ вақт қувват сақлаш ва чидамлилик масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. OnePlus компанияси ушбу муаммога ўзига хос ечим таклиф этиб, янги OnePlus Н6 моделининг техник хусусиятларини очиқлади. Қурилманинг асосий устунлиги унинг рекорд даражадаги 8000 мАс сиғимли аккумулятори ҳамда ҳамёнбоп нархидир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

ixbt.com маълумотига кўра, янги смартфон бир марта қувватлангач, ўртача фойдаланиш режимида уч кунгача хизмат қилиши мумкин. Бу кўрсаткич бугунги кунда аксарият флагманлар бир кунлик қувват билан чекланиб қолаётган бир пайтда ўта жозибали кўринади. Компания муҳандислари аккумулятор ресурсига ҳам алоҳида эътибор қаратишган: батарея 7 йил давомида ўз сиғимини сезиларли даражада йўқотмасдан ишлашга мўлжалланган.

Тезкор қувватлаш ва самарадорлик кафолати

OnePlus Н6 модели 45 В қувватга эга симли зарядлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бор-йўғи 5 дақиқалик қувватлаш қурилманинг YouTube платформасида икки соат давомида видео томоша қилишига етарли энергия билан таъминлайди. Бу шошилинч вазиятларда фойдаланувчилар учун жуда қўл келиши аниқ.

Қурилманинг ички аппарат қисми MediaTek Dimensity 6300 чипсетига асосланган. Ушбу процессор ўрта сегмент вакили бўлса-да, компания смартфоннинг дастурий таъминоти 60 ой, яни 5 йил давомида илк кунлардагидек равон ва қотмасдан ишлашини кафолатламоқда. Бу эса ҳамёнбоп қурилмалар учун камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.

Ёшларбоп дизайн ва нарх сиёсати

OnePlus янги моделни асосан ёшлар аудиторияси учун мўлжалланган маҳсулот сифатида тақдим этмоқда. Замонавий дизайн ва юқори автономликни ўзида жамлаган OnePlus Н6 тахминан 200 АҚШ доллари атрофида сотувга чиқиши кутилмоқда. Ўзбекистон смартфон бозорида ушбу нарх тоифасидаги қурилмалар доимо юқори талабга эга бўлган.

Смартфоннинг расмий премераси жорий йилнинг 30-июн куни бўлиб ўтади. Ўша куни қурилманинг барча техник параметрлари, жумладан, дисплей тури, камералар имконияти ва хотира конфигурациялари ҳақида батафсил маълумот берилади. Ҳозирча маълум бўлган жиҳатлар эса OnePlus Н6 моделини ўз тоифасидаги энг кучли рақобатдошлардан бирига айлантириши шубҳасиз.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар