Қатарнинг собиқ амири вафот этди, мамлакатда 4 кунлик мотам

Қатарнинг собиқ амири вафот этди, мамлакатда 4 кунлик мотам

Қатарнинг собиқ амири, амалдаги давлат раҳбари Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг отаси Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний 74 ёшида вафот этди. Марҳумнинг вафоти муносабати билан мамлакатда тўрт кунлик расмий мотам эълон қилинди. Бу ҳақда маҳаллий расмий манбалар хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 июлдан бошлаб Қатар бўйлаб мотам тадбирлари ўтказилади. Шу муносабат билан давлат муассасалари ва қатор жамоат ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди, давлат байроқлари эса ярим устунга туширилди.

Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний 1995–2013 йиллар давомида Қатарни бошқарган бўлиб, мамлакатнинг замонавий тараққиётига катта ҳисса қўшган давлат арбобларидан бири сифатида эътироф этилади.

Унинг раҳбарлиги даврида Қатар иқтисодиёти жадал ривожланди, халқаро сармоялар кўпайди ва мамлакат дунёдаги энг йирик суюлтирилган табиий газ экспортчиларидан бирига айланди. Шу билан бирга, Қатарнинг халқаро сиёсий ва иқтисодий нуфузи ҳам сезиларли даражада ошди.

Собиқ амир бошқаруви даврида 1996 йилда Al Jazeera ахборот тармоғи ташкил этилди. Кейинчалик ушбу телеканал жаҳондаги энг нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бирига айланди. Шунингдек, 2004 йилда мамлакатнинг биринчи доимий Конституцияси қабул қилиниб, маҳаллий сайловларда аёлларнинг иштирок этиши учун ҳуқуқий асос яратилди.

2013 йилда Шайх Ҳамад ҳокимиятни ўғли Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга ихтиёрий равишда топширган эди. Бу Форс кўрфази давлатлари тарихида кам учрайдиган сиёсий қарорлардан бири сифатида баҳоланган.

Бугунги кунда Қатар халқаро майдондаги фаол иштироки, энергетика соҳасидаги етакчилиги ва 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган давлат сифатида кенг танилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар