1000 метрлик жарлик узра “Ғарбга саёҳат” мультфильми саҳнаси жонлантирилди

1000 метрлик жарлик узра “Ғарбга саёҳат” мультфильми саҳнаси жонлантирилди

Хитойнинг Гуанси вилоятидаги Бейди тоғи сайёҳлик мажмуасида томошабинлар ҳайратланарли томошага гувоҳ бўлишди. Профессионал акробатлар машҳур “Ғарбга саёҳат” (Journey to the West) асаридаги қаҳрамонлар образида минг метр баландликдаги жарлик устига тортилган арқон бўйлаб чиқиш намойиш этди.

Саҳна кўринишида Тан сулоласи роҳиби Сюантсзан ва унинг уч нафар шогирди гавдалантирилди. Акробатлар баланд жарлик узра мувозанатни сақлаган ҳолда ҳаракатланиб, томошабинларга унутилмас таассурот улашди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар қисқа вақт ичида миллионлаб томошаларни тўплади. Кўплаб фойдаланувчилар ушбу лавҳаларни сунъий интеллект ёрдамида яратилган деб ўйлаган бўлса, бошқалар буни акробатларнинг юксак маҳорати ва жасоратининг ёрқин намунаси сифатида баҳолади.

Бироқ Бейди тоғи маъмурияти намойиш мутлақо ҳақиқий эканини тасдиқлади. Уларнинг маълум қилишича, спектакль профессионал артистлар томонидан ҳар куни тўрт маҳал намойиш этилади. Хавфсизлик талабларидан келиб чиқиб, оддий сайёҳларнинг ушбу чиқишда иштирок этишига рухсат берилмайди.

Мазкур шоу бугунги кунда Хитойдаги энг ноодатий ва томошабоп сайёҳлик дастурларидан бири сифатида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар