139 марта йиқилган эркак ниҳоят ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтди

139 марта йиқилган эркак ниҳоят ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтди

Польшада ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагидаги бир фуқаро қатъияти билан кўпчиликни ҳайратга солди. У тўққиз йил давомида 139 марта муваффақиятсизликка учраганидан кейин, ниҳоят назарий ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтишга эришди.

Маълум қилинишича, Польшада ҳайдовчиликка номзодлар аввал компьютер орқали назарий имтиҳон топширади. Фақат шу босқичдан муваффақиятли ўтганларгина амалий ҳайдовчилик синовида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тарнув шаҳрида яшовчи эркак 2017 йилдан буён ушбу имтиҳонни топширишга ҳаракат қилиб келган. Шу вақт ичида у имтиҳонлар учун қарийб 1800 евро маблағ сарфлаган. Бироқ у ҳар сафарги омадсизликдан кейин ҳам мақсадидан воз кечмаган.

Тарнув йўл ҳаракати маркази директори Павел Гургулнинг таъкидлашича, бу воқеа инсоннинг сабр-тоқати ва мақсади йўлидаги қатъиятига ёрқин мисол бўла олади.

Маълум бўлишича, номзод узоқ вақт давомида имтиҳон саволларининг тўлиқ базасини ўз ичига олмаган тест дастуридан фойдаланган. Кейинчалик тўлиқ версияга ўтгач, хатолари камайиб борган ва охир-оқибат назарий синовни муваффақиятли топширган.

Эндиликда уни амалий ҳайдовчилик имтиҳони кутиб турибди. Агар ушбу босқичдан ўта олмаса, қонунчиликка мувофиқ назарий имтиҳонни яна қайта топширишига тўғри келади.

Қизиқ жиҳати шундаки, бу натижа Польшадаги энг узоқ давом этган уринишлардан бири бўлса-да, миллий рекорд эмас. Аввалроқ мамлакатнинг Пётркув-Трибунальски шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро ҳайдовчилик назарий имтиҳонидан 17 йил давомида 163 марта уринишдан кейин муваффақиятли ўтгани қайд этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар