Lada Granta модели Lada Vesta каби вариатор билан жиҳозланади

Россиянинг энг оммабоп автомобили Lada Granta яқин йилларда янги турдаги трансмиссияга эга бўлади. AvtoVAZ раҳбари Максим Соколовнинг маълум қилишича, моделга Lada Vesta каби ВЛЙ вариатори ўрнатилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Муҳандислар ушбу трансмиссияни Granta моделига мослаштириш учун жиддий техник ўзгаришларни амалга оширишларига тўғри келди. Дастлабки босқичда агрегат капот остидаги бўшлиққа сиғмаганлиги сабабли, нафақат вариатор корпуси, балки автомобилнинг айрим кузов панеллари ҳам қайта ишланди.
Янги трансмиссия фақатгина 90 от кучига эга бўлган 8 клапанли двигател билан бирга ишлайди. Соколовнинг сўзларига кўра, бундай тандем агрегатнинг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди ва унинг ресурси двигателнинг ишлаш муддатига яқин бўлади.
Ишлаб чиқариш линияларини мослаштириш ва барча синов жараёнларини якунлаш учун маълум вақт талаб этилади. Шу сабабли, вариатор билан жиҳозланган Lada Granta автомобиллари 2027-йилнинг биринчи ярмида конвеерга чиқиши режалаштирилган.






























Изоҳлар 0
…