15 беморни ўлдирган шифокорга суд умрбод қамоқ жазосини берди

Германияда 15 нафар беморнинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбланган шифокор суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум этилди. Тергов маълумотларига кўра, у беморларнинг розилигисиз турли дори воситалари аралашмасини юбориб, уларнинг ҳаётига зомин бўлган.
Берлин суди 41 ёшли шифокорни 2021 йил сентябридан 2024 йил июлигача бўлган даврда 12 нафар аёл ва 3 нафар эркакнинг қасддан ўлдирилишида айбдор деб топди. Германия қонунчилигига мувофиқ, судланувчининг тўлиқ шахси ошкор этилмади.
Айблов томонининг билдиришича, шифокор беморларнинг уйига бориб, уларнинг розилигисиз ҳаёт учун хавфли бўлган дори воситаларини юборган. Экспертизалар мазкур препаратлар қурбонларнинг вафотига олиб келганини кўрсатган.
Қурбонларнинг ёши 25 ёшдан 94 ёшгача бўлган. Судда маълум қилинишича, улар оғир касалликдан азият чеккан бўлса-да, ҳеч бири яқин кунларда вафот этиши кутилмаган.
Тергов материалларида шифокор айрим ҳолатларда жиноят изларини йўқотиш мақсадида беморлар яшаган уйларга ўт қўйишга урингани ҳам қайд этилган. Хусусан, 2024 йил июль ойида у бир куннинг ўзида 75 ёшли эркак ва 76 ёшли аёлнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган.
Суд жараёнида узоқ вақт сукут сақлаган шифокор кейинчалик айрим айбловларни тан олди. Унинг айтишича, беморларни «азоб-уқубатдан қутқараётганига» ишонган. Шу билан бирга, қилган ишлари учун жабрланганлар яқинларидан кечирим сўради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг бошқа ўлим ҳолатларига ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Айни пайтда яна 76 та ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Агар бу гумонлар ҳам тасдиқланса, мазкур иш Германия тарихидаги энг йирик кетма-кет қотилликлардан бири сифатида қайд этилиши мумкин.
Суд қарорига кўра, шифокор умрбод қамоқ жазосини ўтайди. Шунингдек, унга келгусида тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳам умрбод тақиқланди.






























Изоҳлар 0
…