Россияда илк бор гуманоид роботлар никоҳдан ўтди (видео)

Россия пойтахти Москва шаҳрида 9 июль куни мамлакат тарихида илк бор гуманоид роботлар учун рамзий никоҳ маросими ташкил этилди. «РИА Новости» агентлигининг хабар беришича, Пушкин номидаги кутубхонада аввалроқ Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПМЭФ-2026)да таништирилган Роберт ва Матильда номли гуманоид роботлар «турмуш қурди».
Маросимда офис ходими ва блогер сифатида ишлаб чиқилган Роберт ҳамда балерина образида яратилган Матильда ўзаро никоҳ иттифоқини тузди. Тантанани Мария Пантюхина олиб борди. У бу воқеани Россиядаги биринчи гуманоид роботлар тўйи сифатида эълон қилди ҳамда қасамёдлар ва рамзий никоҳ билагузуклари алмашилганидан сўнг уларни расман «робот турмуш ўртоқлари» деб эълон қилди.

Маросимнинг яна бир қизиқарли жиҳати шундаки, янги «келин-куёв» учун никоҳ билагузукларини саҳнага Dogmatik номли робот-ит олиб чиқди. Бу ҳолат тадбир иштирокчилари ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Роботларни ишлаб чиққан IT-Imperial компанияси бош директори ўринбосари Анна Багдасаряннинг таъкидлашича, бундай тадбирлар гуманоид робототехникага жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ва роботларнинг инсон ҳаётида қай тарзда фойда келтириши мумкинлигини намойиш этишга хизмат қилади.
Унинг сўзларига кўра, меҳнат жараёнларини автоматлаштириш одамларга кўпроқ бўш вақт ажратиш, маданият ва шахсий ҳаётга эътибор қаратиш имконини яратади. Бу мақсадларга эришишда эса замонавий робототехника муҳим ўрин тутади.






























Изоҳлар 0
…